Spread the love

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ва янги ўқув йили арафасида Наманган шаҳридаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Инвестиция дастури доирасида барпо этилган мазкур бино 990 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий мебель ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Лойиҳани амалга ошириш учун 8,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

1961 йилда қурилган мактаб сўнгги бор 2009 йилда мукаммал таъмирланган эди. Янги бино қурилиши натижасида таълим муассасасининг умумий ўқувчи сиғими 1 660 ўриндан 2 650 ўринга етказилди.

Шунингдек, мактабнинг қамров кўрсаткичи 2,4 дан 1,5 га туширилди. Бу эса таълим муассасасидаги мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, ўқувчилар учун қулай шароитларни кенгайтиришга хизмат қилади.

Янги ўқув биносида ўқувчилар учун замонавий таълим муҳити яратилган. Хоналар замонавий мебель ва зарур жиҳозлар билан таъминланиб, ўқувчиларнинг сифатли билим олиши, иқтидор ва қобилиятларини ривожлантириши учун қўшимча имкониятлар яратилди.

Янги ўқув йилини кенг ва замонавий шароитларда бошлаётган 7-сонли мактаб ўқувчилари учун янги бино — таълим олиш имкониятларини янада кенгайтирувчи муҳим қадам бўлди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Barcha huquqlar himoyalangan © 2025 | Sayt yaratuvchisi: Oqilxon Tillaxonov