Наманган шаҳар “Озод” МФЙ ҳудудидаги 31-сонли умумий ўрта таълим мактабида янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Пудратчи “MEGA ASIA DESIGN STROY” МЧЖ томонидан 14 миллиард 306 миллион 732 минг сўм маблағ ҳисобидан 750 ўринли замонавий қўшимча ўқув биноси барпо этилди. Шунингдек, мактабнинг 1 130 ўринли мавжуд биносида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.
Янги ўқув йили арафасида шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов мактабда яратилган шароитлар билан танишди. Ўқув хоналари, инфратузилма ва таълим жараёни учун яратилган имкониятлар кўздан кечирилди.
Ўрганиш давомида аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда якуний тайёргарлик ишларини сифатли якунлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Энди 31-сонли мактаб ўқувчилари янги ўқув йилини замонавий, кенг ва қулай шароитларга эга таълим масканида бошлайди.