Spread the love

Улар Сув хўжалиги вазирлиги томонидан “ақлли сув” жиҳозларини сотиб олиш учун 8,4 млрд. сўм миқдорда пул маблағлари ажратилганлигини билиб жиноий режа тузишган.

2025 йил 24 март куни жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида сув-ирригация тизимида ишлаган бир гуруҳ шахсларга оид иш кўриб чиқилди.

Судланувчи М.А. “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳисобчиси вазифасида, шунингдек “SMART GROWTH” МЧЖ норасмий раҳбари сифатида фаолият юритиб келган. У танишлари “Норин- Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бош ҳисобчиси Н.Ж., “SMART GROWTH” МЧЖ таъсисчилари ва расмий раҳбарлари Ж.А., О.К. ва Х.А.лар билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар Сув хўжалиги вазирлиги томонидан “ақлли сув” жиҳозларини сотиб олиш учун 8,4 млрд. сўм миқдорда пул маблағлари ажратилганлигидан хабар топиб, ушбу маблағларни ўзлаштириш мақсадида ўзлари томондан қўлбола усулда ясалган ускуналарни “SMART GROWTH” МЧЖ орқали қиммат нархда ўтказиш ва ушбу ҳаракатларига қонуний тус бериш жиноий режасини тузишган.

Улар мансаб сохтакорлигига йўл қўйиб, аслида “SMART GROWTH” МЧЖда бирор-бир вазифада ишламаган ва бу борада ҳеч қандай билимга эга бўлмаган фуқаро О.Т. ва К.Т.ни “техник”, М.Ж.ни “веб-дастурчи”, А.Б.ни “бош мухандис-механик”, Х.М.ни эса “созловчи-механик” каби вазифаларда ишлашлари тўғрисида 23.11.2023 йилда “Ягона миллий меҳнат тизими” дастурига келгусида ўзлари фойдаланишлари мақсадида сохта ёзувлар киритилган маълумотни тайёрлаб, уни қалбакилаштирган ҳолда электрон тарзда киритишган.

“Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда “SMART GROWTH” МЧЖ ўртасида 7.348.320.000 сўмлик 540 дона “ақлли сув” қурилмаларини етказиб бериш ва ўрнатиш бўйича шартнома тузилиб, жамият раҳбари Ж.А.нинг имзосини сохталаштирилган.

Жиноий гуруҳ жами 3.061.800.000 сўмлик 225 дона қурилмалар етказиб берилганлиги ҳақида 13-сонли ва 4.286.520.000 сўмлик 315 дона қурилмалар етказиб берилганлиги ҳақида 14-сонли ҳисоб-варақ фактураларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилган ҳолда расмийлаштирилиб, ушбу ҳисоб-варақ фактураларни қалбаки эканлигини билганликлари ҳолда ундан фойдаланиб, тўловга тақдим қилишган ва ушбу маблағлар жамиятнинг ҳисоб рақамига тўлиқ ўтказилишига эришишган.

Шундан сўнг, М.А. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Х.Х, Н.Ж, Ж.А, О.К. ва Х.А.лар билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, мансаб мавқеларини суиистеъмол қилиш йўли билан аслида 4.850.481.139 сўмлик 540 дона “ақлли сув” қурилмаларини “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига 7.348.320.000 сўмга қиммат нархда ўтказиб, жами 2.497.838.861 сўм жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.

Суд ҳужжатида таъкидланишича, асосий судланувчилардан бўлган М.А айбига қисман иқрор бўлган, Х.Х ва Ж.А эса инкор этди. Қолганлар ҳам айбига қисман иқрорлик билдирди.

Якуний суд ҳукмига кўра, М,А.га ўташ учун узил-кесил 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 9 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. А.Ж.га эса 136.000.000 сўм жарима жазоси ва ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 2 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди. Х.Хга эса иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 4 ой 24 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди. А,Хга эса 2 йилу 2 ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят иши доирасида етказилган зарар тўлиқ қоплангани маълум қилинган. Суд иши Олий суд порталидан олинди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Barcha huquqlar himoyalangan © 2025 | Sayt yaratuvchisi: Oqilxon Tillaxonov