Spread the love

Наманган вилояти раҳбарияти таркибида янги тайинловлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Садоси саҳифасининг хабар беришича, Ахунбабаев Хондамир Хакимович Наманган вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Хондамир Ахунбабаев 1989 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2013 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2012 йилда Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш марказида бош мутахассис сифатида бошлаган.

Кейинчалик Инвестициялар давлат қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармасида бўлим бошлиғи, «Aisha Home Textile» қўшма корхонасида ташқи иқтисодий фаолият бўлими бошлиғи ва ишлаб чиқариш бошлиғи, Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасида Ҳудудий саноатни ривожлантириш шўъбаси бошлиғи, шунингдек, Наманган вилояти Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — Лойиҳа офиси раҳбари каби масъул лавозимларда фаолият юритган.

Тайинловга қадар Хондамир Ахунбабаев «Наманган эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат муассасаси директори лавозимида ишлаб келган.

Шунингдек, Абдусаломов Азизбек Бахтиёр ўғли Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Азизбек Абдусаломов 1992 йил 17 апрелда Мингбулоқ туманида туғилган. Маълумоти олий. 2017–2024 йилларда Наманган муҳандислик-технология институтини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-технолог, иқтисодчи.

У меҳнат фаолиятини Мингбулоқ туманидаги «Азизбек Абдусаломов» фермер хўжалигида бошлаган. Кейинчалик Мингбулоқ туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, Наманган вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари, кенгаш раиси вазифасини вақтинча бажарувчи, кенгаш раиси, Наманган вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи каби масъул лавозимларда ишлаган.
Тайинловга қадар Мингбулоқ тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Мазкур тайинловлар Наманган вилояти ҳокимининг тегишли қарорлари билан амалга оширилди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Barcha huquqlar himoyalangan © 2025 | Sayt yaratuvchisi: Oqilxon Tillaxonov