Наманган вилояти юртимизда гулчилик маданияти билан машҳур бўлиб, ҳар йили ўтказиладиган халқаро Гуллар фестивали бу анъанани янада кенг тарғиб этади. Шу боис, ҳар бир ташкилот ва муассаса ўз ҳудудини обод этиш, яшил майдонларни кенгайтириш орқали ушбу нуфузли тадбирга ўз ҳиссасини қўшади. Хусусан, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиалида бу йил вилоятимизда бўлиб ўтадиган «65-Халқаро гуллар фестивали»га тайёргарлик бошлаб юборилди.
Филиал раҳбарияти ва барча ишчи-ходимлар иштирокида ҳашар тадбири уюштирилди. Тадбир давомида филиал ҳовлиси ва гулхоналар тозаланди. Ерлар юмшатилиб, ранг-баранг гуллар экилди. Мазкур жараён нафақат иш жойини обод қилиш, балки вилоятимизнинг гулчилик анъаналарига муносиб ҳисса қўшиш демакдир.
Зеро, яшил муҳит сари қўйилган бу каби қадамлар Гуллар фестивали шукуҳини янада бойитиб, Наманганнинг гўзаллигини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади.