Наманган вилоятида Қатар билан ҳамкорликда «Қатар–Ўзбекистон маҳорат мактаби»ни ташкил этиш ишлари бошланди. Лойиҳа Доҳа шаҳрида Прогрессив ислоҳотлар маркази ва Доҳа фан ва технология университети ўртасида имзоланган меморандум асосида амалга оширилмоқда.
Бугун Қатар Manpower Solutions Company (Jusour) бош директори Абдулҳадий Баҳит Барқан Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов билан учрашиб, лойиҳа ижроси ва амалий вазифаларни муҳокама қилди.
Қиймати 2 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида пайвандлаш, электрик, сантехник ва кексаларни парваришлаш йўналишлари бўйича ўқув дастурлари ташкил қилинди. Битирувчиларга АҚШнинг NCCER халқаро сертификатлари берилиши режалаштирилган.
Айни пайтда 15 нафар малакали мутахассис танлаб олинган бўлиб, улар Доҳа фан ва технология университети қошидаги Касбий кўникмалар марказида қайта тайёрланмоқда.