Президентнинг «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра эндиликда прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари секторлар фаолияти бўйича юклатилган вазифалардан озод этилади.
Унга кўра, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти қуйидагича янги тартиб асосида йўлга қўйилади:
– прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари секторлар фаолияти бўйича юклатилган вазифалардан озод этилади;
– секторлар ишига Бош вазир ўринбосарлари ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари масъул этиб белгиланади.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда секторларнинг янги тартиб асосида фаолият юритиши бўйича Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасини киритиши керак.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида бундан буён прокурорлар, ички ишлар ходимлари ва солиқчилар секторлар фаолияти билан шуғулланмаслигини маълум қилганди.
Давлат раҳбари саккиз йил аввал йўлга қўйилган ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти тизими йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиб, вазиятни ўнглаш учун барча кучларни сафарбар этишга кўмаклашганини қайд этган, шу билан бирга, сўнгги йилларда ҳудудлар салоҳияти бир неча карра ошганига қарамай, кейинги пайтларда прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторни баҳона қилиб, соҳасидаги ишларни сусайтириб юборганини танқид қилганди.
Шунингдек, прокуратура, ички ишлар, солиқ раҳбарларини сектор ишидан озод қилиш бу — эски даврга қайтиб, аҳоли ва тадбиркорларга ҳар қадамда тўсиқ, коррупцияга шароит яратиш, дегани эмаслиги таъкидланган эди.