2025 йил 28 октябрда Адлия вазирлиги “Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар (КPI) асосида баҳолаш тартиби”ни давлат рўйхатидан ўтказди. (https://t.me/huquqiyaxborot/18781)
Янги тартибга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларида фаолият юритаётган давлат хизматчилари самарадорлиги “samaradorlik.uz” электрон платформаси орқали баҳоланади.
Ҳокимлик ходимлари фаолияти самарадорлиги аниқлик, мақсадлилик ва натижадорлик каби асосий мезонлар асосида баҳоланади.
Ҳокимлик ходимлари фаолияти натижалари қуйидагича баҳоланади:
📌 70 баллдан кам — “қониқарсиз” (D);
📌 70–85 балл — “қониқарли” (C);
📌 85–100 балл — “яхши” (B);
📌 100 балл ва ундан юқори — “аъло” (A).
Энг юқори баллга эришиш пайида энди баъзи ҳокимликларда ҳисобот учун “қоғозда натижа яратиш” амалиёти қайталаниб қолмаслиги лозим. Аввал ҳам шундай ҳолатлар кузатилган — “яхши кўрсаткич” учун аҳолига мажбурий равишда кредит олдириб, иссиқхона қурдириш ёки лимон экиш каби ташаббуслар амалга оширилган эди.
Янги тизимда эса асосий мақсад ҳақиқий самарадорликни таъминлаш бўлиши керак. Акс ҳолда, “аъло” баҳолар фақат қоғозда қолиши мумкин.