Spread the love

19 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судида Ўзбекистон байроғини халқаро тадбирда юбка қилиб кийган блогер Шаҳризода Мадаминова усидан суд мажлиси бўлиб ўтди.

Шаҳризода Мадаминова “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 5.2-моддасини бузган деб топилди.

Суд қарорига мувофиқ, блогерга минимал иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси қўлланди.

Шунингдек, унга ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан давлат байроғи акс этган суратни ўчириш мажбурияти юклатилди. Суд қарори 10 кун ичида тайёр бўлиши маълум қилинди.

Шаҳризода Мадаминова Instagram ижтимоий тармоғида 473 минг нафар обуначига эга. У баҳсларга сабаб бўлган суратини ўтган йил октябрь ойида ўз саҳифасига жойлаган.

Мазкур суратга блогер изоҳ қолдириб, уни дунё миқёсидаги «Ер гўзали» танлови доирасида бўлиб ўтган миллий либослар ва талант шоу билан боғлаган.

Унинг ёзишича, танловда 100 нафарга яқин давлат вакиллари иштирок этган ва ҳар бир иштирокчи ўз мамлакатига хос миллий либосда қўшиқ ёки рақс ижро этган.

Шунингдек, у миллий либос ғоясини танловга бир ҳафта қолганда ишлаб чиққанини, дизайнерлар эса уни икки кунда тайёрлаб берганини таъкидлаган.

Блогер кўйлак Ўзбекистон давлат гербидаги Ҳумо қуши ва давлат байроғидан илҳомланиб яратилганини, ушбу либосда Хоразмча рақс ижро этганини ҳам қайд этган.

Ушбу иш бўйича ариза “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Жониқулов Н.З. томонидан киритилган.

Қайд этилишича, давлат байроғи шунчаки қонун нормаси эмас, балки миллий суверенитет ва мустақилликнинг муқаддас рамзи ҳисобланади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Barcha huquqlar himoyalangan © 2025 | Sayt yaratuvchisi: Oqilxon Tillaxonov